ЎЗБЕКИСТОН АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ
12 - февраль 2019 / 19:28
555
ЎЗБЕКИСТОН АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИЎзбекистонда 2019-2029 йилларда мамлакат атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат мамлакат Президентининг 2019 йил 7 февралдаги ПҚ-4165 сонли қарори билан тасдиқланган.
Ҳужжатда дастлаб қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («Ўзатом» агентлиги) томонидан тегишли вазирликлар ва идоралар билан бирга 2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини барпо этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тадбирлари бажарилмоқда.
Қарор билан тасдиқланган концепцияда қуйидагилар кўзда тутилган:
миллий ядро инфраструктурасини ривожлантириш, шу жумладан, меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш, Ўзбекистоннинг ядро хавфсизлиги бўйича глобал режимда иштирок этишини, жамоатчилик учун ядро-энергетик дастурнинг очиқлигини таъминлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш;
биринчи атом электр станциясини барпо этиш, шу жумладан, майдон танлаш ва жойлаштирилишини лицензиялаш, АЭС ни лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш;
атом энергиясидан фойдаланишда атроф-муҳит муҳофазасини ва одамларнинг радиацион ҳимоясини таъминлаш;
хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан самарали ядровий ёқилғи циклини таъминлаш, шу жумладан, атом энергетикасини узоқ муддат ядро ёқилғиси билан таъминлаш, қайта ишланган ёқилғи билан хавфсиз муомала қилиш учун шарт-шароитларни яратиш, уни қайта ишлаш ва чиқиндилар утилизация қилинишини таъминлаш;
атом энергетикасининг узоқ муддатли ривожланишини таъминлаш, шу жумладан, атом фани ва технологияларини ривожлантириш, мамлакат ташкилотлари томонидан АЭС қурилиши ва ундан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш учун лойиҳалаштириш, конструкторлик, экологик ва бошқа соҳаларга оид билим ва тажрибаларни ўзлаштириш, бўлғуси АЭС учун референт технологияларни танлаш мақсадида ядровий технологияларни ўрганиш.
Шунингдек, қарор билан 2019-2029 йилларда мамлакат атом энергетикасини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
«Йўл харитаси» қуйидагилар бўйича тадбирлар амалга оширилишини кўзда тутади: ядро хавфсизлиги соҳасидаги халқаро конвенцияларга қўшилиш ёки қоидаларини Ўзбекистон қонунчилигига имплементация қилиш, шунингдек, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги меъёрлар ва қоидаларни қабул қилиш; майдон танлаш ҳамда АЭС ни жойлаштирилишини лицензиялаш, АЭС ва унинг ташқи инфраструктура объектларини лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга топшириш; атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва радиацион ҳимоя, шу жумладан, ишлатилган ядро ёқилғисини олиб чиқиш ва сақлаш, янги ва ишлатилган ядро ёқилғиси билан муомала қилиш; атом фани ва технологияларини, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимой соҳа, ядровий тиббиёт ва радиохимия учун ноэнергетик ядро технологияларини ривожлантириш; концепцияда кўзда тутилган тадбирлар амалга оширилишининг мониторинги ва назорати.
«Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати