МАГАТЭ ДЕЛЕГАЦИЯСИДАН  ИНТЕРВЬЮ

МАГАТЭ ДЕЛЕГАЦИЯСИДАН ИНТЕРВЬЮ

09 - февраль 2018 / 19:19 458

МАГАТЭ ДЕЛЕГАЦИЯСИДАН ИНТЕРВЬЮ

         Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) миссияси атомдан тинчлик мақсадларида фойдаланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Энди Ўзбекистон ҳам уларнинг қаторига қўшилмоқда.

        Жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари Тошкентда ўтказилган семинарда МАГАТЭ экспертларига бошчилик қилган Ядровий қурилмалар хавфсизлиги бўлими директори Грег Жентковски билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

         Ўзбекистондаги янги ядро-энергетик дастурни қўллаб-қувватлашдан МАГАТЭ нинг мақсади нима?

         – Атом энергияси бўйича халқаро агентлигига аъзо давлатларни қўллаб-қувватлашдан асосий мақсадимиз атом энергетикасини ривожлантириш дастурини хавфсиз ва ишончли бўлишига кўмаклашишдир.

         - АЭС қурилиши учун майдон танлашда МАГАТЭ учун нималар асосий мезон ҳисобланади? Ўзбекистоннинг иқлим шароитлари туфайли нималарга эътибор қаратиш зарур?

         – Айни чоғда мамлакатингиз ҳудудида АЭС қуриш учун мақбул келадиган майдонни танлаш масаласи турибди. Бунда асосан хавфсизлик ва унинг атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш зарур. Шу боис атроф-муҳитга ва экологик жиҳатларни ҳисобга олиш асосий мезонлардан. Лойиҳанинг хавфсиз бўлишини таъминлаш ҳам яна бир муҳим талаб. Бироқ Ўзбекистон иқлимига келсак, шуни айтишни истар эдимки, реакторни жойлаштириш учун у ноёб ҳисобланмайди. Масалан, Канадани олайлик, ушбу мамлакатнинг об-ҳавоси ҳам жуда ўзгарувчан. Шунга қарамасдан, бу давлат ҳудудида 20 реакторига эса АЭСлар мавжуд. Ишончим комилки, реактор конструкциясини Ўзбекистонда прогноз қилинаётган иқлим шароитларига мос равишда танлашимиз мумкин.

         - АЭС қурилиши бўйича лойиҳани ишлаб чиқишда Ўзбекистон учун нима муҳим ҳисобланади?

         – Ўзбекистон учун бу ўринда кўп мамлакатларнинг энг ижобий тажрибасини қамраб олган халқаро талабларга амал қилиш муҳимдир. Тўғри, давлатингиз бу борада халқаро талабларга амал қилишни режалаштирмоқда, бу эса лойиҳангиз ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлайди.

         – АЭС қурилиши лойиҳасининг ҳар бир босқичида риоя қилиниши лозим бўлган хавфсизлик талаблари нимага асосланган?

         – АЭС қурилишида ташқи муҳит таъсирларига ҳам эътибор бериш керак. Зеро,   айнан улар Япониядаги Фукусима АЭС даги авариянинг асосий сабаби деб тан олинган. Шу боис реакторнинг дизайн параметрларини тўғри аниқлаш ҳам фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишдаги муҳим талаблар. Шуларга асосан МАГАТЭнинг хавфсизлик стандартлари жаҳоннинг энг илғор тажрибаларига таянган ҳолда ишлаб чиқилган. Бу эса лойиҳани амалга оширишда хавфсиз ва мустаҳкам асосдир.

         Семинар давомида биз иштирокчилар билан АЭС учун майдон танлашда характеристикаларни аниқлаш бўйича билимларимизни улашдик. Мазкур семинарда халқаро амалиёт ва тажрибага асосланган хавфсизликнинг юқори даражасини ифодаловчи МАГАТЭ хавфсизлиги талаблари бўйича умумий маълумотлар берилди.

“Ўзатом” агентлиги матбуот хизмати