ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРИ МАГАТЭ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРИ МАГАТЭ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ

05 - февраль 2019 / 19:09 543
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРИ МАГАТЭ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ

  Тошкентда 2019 йил 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султоновнинг Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлиги (МАГАТЭ) делегацияси аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

  Делегация Ўзбекистонга “Ўзатом” агентлиги ва мамлакатнинг биринчи атом электр станцияси қурилишига алоқадор бошқа ташкилотлар мутахассислари иштирокида семинар ўтказиш доирасида ташриф буюрган.

  Атом энергетикаси соҳасининг яратилиши нафақат энергетика, балки фан, кадрлар тайёрлаш каби соҳаларнинг жадал ривожланишига сабаб бўлади.  Мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, қурилиш соҳаларидаги имконияти бир неча баробар ортади. Халқаро тажриба шундан далолат берадики, ушбу соҳани ривожлантириш мамлакатда кўплаб соҳалар равнақига кенг йўл очади.

  Учрашувда мамлакат томонидан кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратилаётгани ҳам таъкидлаб ўтилди. Ҳозирги пайтда ўзбекистонлик 58 талаба “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядровий университети таълим олмоқда. Айни чоғда Тошкентда мазкур университетнинг филиалини ташкил қилиш ишлари олиб борилмоқда ва бу ерда Ўзбекистон ядро энергетикаси соҳаси учун кадрлар тайёрланади.

  АЭСни барпо этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар доирасида МАГАТЭ билан ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилди. Халқаро агентликнинг ушбу семинари ҳам шундан далолат беради.
Халқаро атом энергетикаси агентлиги делегацияси номидан сўзга чиққан МАГАТЭнинг ядро қурилмалари хавфсизлиги бўлими директори Грег Жентковски учрашув учун миннатдорлик билдириб, тинч атомдан фойдаланувчи мамлакатлар қаторига кираётган Ўзбекистон ўз олдига қўйган вазифалари билан ҳайратга солаётганини таъкидлади.

  “Ядро энергетикасини ривожлантириш катта ресурсларни,  жумладан, инвестицияларни талаб қилувчи лойиҳа ҳисобланади. АЭС қурилиши ишлари мураккаб бўлса-да, сиз уларни қисқа муддатда бажаришга тайёр эканлигингиз қувонарли. Биз эса, ўз навбатида, сизни тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, бу  лойиҳангизга барча хавфсизлик талабларига мос бўлишига ёрдам беради”, - деди  Г.Жентковски.

  У яна шуни қайд этдики, МАГАТЭ делегацияси аъзолари Ўзбекистонга ташрифи доирасида мамлакатда АЭС қурилиши бўйича лойиҳанинг амалга оширилишида хавфсизлик бош устувор вазифа эканига ишонч ҳосил қилди.

  «Ўз зиммангизга МАГАТЭ талабларига мос бўлиш мажбуриятини олаётганлигингиз жуда муҳим. Биз, ўз навбатида, ушбу стандартларни сизнинг мамлакатингизда оммалаштириш бўйича имкон қадар барча чораларни кўрамиз. Биз лойиҳангиз самарали ва хавфсиз бўлишини истаймиз”, - деди  Г.Жентковски.

  Таъкидлаш зарурки, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлиги ҳамкорлигининг 25 йиллиги нишонланади. Бугун бу ҳамкорлик биринчи атом электр станцияси қурилиши муносабати билан янги босқичга кўтарилмоқда.

 «Ўзатом» агентлии матбуот хизмати