МАГАТЭ ЎЗБЕКИСТОН МУТАХАССИСЛАРИ УЧУН СЕМИНАР ЎТКАЗМОҚДА

МАГАТЭ ЎЗБЕКИСТОН МУТАХАССИСЛАРИ УЧУН СЕМИНАР ЎТКАЗМОҚДА

02 - февраль 2018 / 19:03 473

МАГАТЭ: ЎЗБЕКИСТОН МУТАХАССИСЛАРИ УЧУН СЕМИНАР ЎТКАЗМОҚДА

2019 йилнинг 4-6 февраль кунлари Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлиги – МАГАТЭ Тошкентда ўзбекистонлик мутахассислар, “Ўзатом” агентлиги ва “Ростатом” давлат корпорацияси вакиллари иштирокида атом электр станцияси учун майдон танлашда хавфсизлик ва бошқа муҳим жиҳатлар бўйича семинар ўтказмоқда.

Семинардан кўзланган асосий мақсад “Ўзатом” агентлиги ва бошқа алоқадор агентликлар мутахассислари учун МАГАТЭ хавфсизлик тартиб ва талаблари бўйича маслаҳат, йўл-йўриқлар кўрсатишдан иборат.

Унда иштирокчиларга маҳаллий мутахассислар ҳозирги пайтда мамлакатимизда АЭС учун майдон танлаш ишларининг ҳолати бўйича маълумот берди.

Семинар давомида АЭС учун майдон танлашда экологик жиҳатлар, атом электр станцияси учун инфратузилмани ривожлантиришда МАГАТЭ талабининг аҳамияти, МАГАТЭ хавфсизлик стандартларига мувофиқ лицензиялаш жараёни, ушбу ташкилотнинг атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва атом-энергетика муаммоларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашувига оид масалалар атрофлича таҳлил этилди.

Шу билан бирга, тадбирда МАГАТЭ нинг АЭС учун майдон танлаш ва уни баҳолаш билан боғлиқ бўлган хавфсизлик нормалари бўйича қўшимча ҳужжатлар ҳам тақдим қилинди. АЭС қурилиши бўйича лойиҳани амалга оширишга қўл ураётган мамлакатлар учун МАГАТЭ ни қўллаб-қувватлаш аспектларини қамраб олган мазкур семинар шу жиҳатлари билан катта аҳамиятга эга.

Аввал маълум қилинганидек, 2018 йил 7 сентябрда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси бош вазирлари юртимизда Россия лойиҳаси асосида атом электр станциясини қуриш бўйича ҳукуматлараро битимни имзолаган. Лойиҳада ВВЭР-1200 турдаги реакторли 2 та энергоблоклар қурилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 октябрда қабул қилинган ПҚ-3969 сонли қарорига мувофиқ, имзоланган битим кучга кирди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда АЭС нинг биринчи энергоблокини 2028 йилнинг охиригача ишга тушириш мўлжалланган.

“Ўзатом” агентлиги матбуот хизмати