«Ўзатом» раҳбари BEST2018 Будапешт энергетик саммити ишида иштирок этди

«Ўзатом» раҳбари BEST2018 Будапешт энергетик саммити ишида иштирок этди

17 - декабрь 2018 / 16:33 25
«Ўзатом» раҳбари BEST2018 Будапешт энергетик саммити ишида иштирок этди
 
 2019 йил январида Ўзбекистон делегацияси Венгрияга боради ва бунда «Пакш» АЭС фаолияти билан яқиндан танишишга муваффақ бўлади. Ташриф давомида фаолият кўрсатаётган АЭС ва ушбу мамлакатнинг атом энергетикаси соҳасидаги қонунчилиги билан танишиш мақсадида Венгрия идораларида учрашувлар ташкил қилинади.
 
 Ушбу келишувларга “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов томонидан шу йилнинг 4 декабрида BEST2018 Будапешт энергетик саммити доирасида ўтказилган музокаралар давомида эришилди.
 
Маълумот учун:
 
 BEST 2018 – Будапешт энергетик саммити Европа минтақасидаги энг муҳим энергетик конференциялардан ҳисобланади ва ҳар йили ўтказилади. Саммитда 300 дан зиёд киши – йирик энергетик компаниялар етакчилари, экспертлар, ҳукумат вакиллари ва Европанинг етакчи сиёсатчилари иштирок этди.
 
 Шунингдек, BEST 2018 доирасида  Соф энергия форуми - BEST Clean Energy Forum бўлиб ўтди. Ушбу анжуман иштирокчиларга энергетика, қайта тикланувчан энергия манбалари, табиий газ сектори ва муқобил энергия манбалари ривожланиши масалалари ва муаммоларини муҳокама қилиш имкониятини яратади.
 
 Анжуман доирасида “Ўзатом” агентлиги бош директори саммитнинг “Яшил энергетика дунёсида атом энергетикасининг роли. «Пакш-2» АЭС мақоми” мавзусидаги ялпи мажлисида иштирок этди ва унда Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳаси бўйича маъруза қилди. Шунингдек, унда Ўзбекистон томонидан бундай қарор қабул қилинишининг асосий сабаблари изоҳланиб, МАГАТЭ тавсияларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилган ишлар ва яқин келажакка мўлжалланган режалар бўйича батафсил маълумот берилди.
 
 Саммитнинг ялпи мажлисида Венгриянинг “Пакш” АЭС ни кенгайтириш ишлари бўйича портфелсиз вазири Янош Шули, «FORATOM» Европа атом иттифоқи Президенти Теодор Чирица, «MVM Group» Венгрия энергетик компаниясининг атом энергетикаси бўйича директори Пал Ковач, «Urenco group» компаниясининг маркетинг бўйича бошқарувчиси Дебби Бресли хоним маъруза қилди ҳамда Европада атом энергетикаси аҳамиятини қайд этди. Бунда Париж битими доирасида газ чиқарилишини қисқартириш бўйича келишувларни таъминлаш ва “Росатом” давлат корпорация билан биргаликда “Пакш-2” лойиҳасини амалга ошириш ҳолати ва режаси шароитида бу алоҳида аҳамият касб этади.
 
 Шунингдек, ядро энергетикаси, қайта тикланувчан энергия манбалари, табиий газ сектори ва муқобил энергия манбалари ривожланиши масалалари ва муаммолари муҳокама қилинди.