«ЎЗАТОМ» ДЕЛЕГАЦИЯСИ УКРАИНАНИНГ АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИ СОҲАСИДАГИ ТАЖРИБАСИ БИЛАН ТАНИШДИ

«ЎЗАТОМ» ДЕЛЕГАЦИЯСИ УКРАИНАНИНГ АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИ СОҲАСИДАГИ ТАЖРИБАСИ БИЛАН ТАНИШДИ

03 - декабрь 2018 / 16:31 423
«ЎЗАТОМ» ДЕЛЕГАЦИЯСИ УКРАИНАНИНГ АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИ СОҲАСИДАГИ ТАЖРИБАСИ БИЛАН ТАНИШДИ


  Ўзбекистон Республикасининг “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегацияси атом энергетикаси соҳасидаги Украина тажрибаси билан танишиш мақсадида ушбу мамлакатга ташриф буюрди.

  Шу йилнинг 27 ноябрдаги ташрифи давомида делегация Хмельницк атом электростанциясида бўлди, у ерда “Ўзатом” вакиллари ўқув-машғулот маркази, машина бўлими, фаолият юритаётган энергоблокнинг блок считини ҳамда 3-сонли станция энергоблокининг қурилиш майдончасини бориб кўрди.

  28 ноябрь куни «Энергоатомнинг» марказий офисида делегациянинг «Энергоатом» миллий атом энергияси ишлаб чиқарувчи компанияси («НАЭК «Энергоатом») давлат корхонаси президенти Юрий Недашковский билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдуалиев ва «Энергопроект» Киев илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш-конструкторлик институти акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Юрий Малахов иштирок этди.

  «Биз Ўзбекистоннинг атом энергетикасини ривожлантириш ва мамлакатда биринчи атом электрстанциясини қуриш бўйича режаларини қўллаб-қувватлаймиз, - деди музокаралар давомида Юрий Недашковский. – Умид қиламизки, «Энергоатомнинг» атом электрстанцияларига хизмат кўрсатиш ва уларнинг эксплуатацияси бўйича миллий инфратузилмани яратишга оид тажрибаси Ўзбекистон учун қизиқарли бўлади”.

  Айни пайтда у шуни ҳам таъкидладики, «Энергоатом» АЭС учун юқори малакали ходимлар тайёрлаш борасида кенг имкониятларга эга – Запорожск станциясида бу соҳада ягона бўлган Ўқув-машғулот маркази фаолият юритмоқда. Унга атом энергоблокининг ҳақиқий ускуналардан фойдаланилган ҳолда ясалган табиий тренажер киради. Бу эса АЭС эксплуатацияси бўйича мутахассисларни, шунингдек, атом электрстанциялари учун таъмирловчи ва хизмат кўрсатувчи ходимларни ўқитиш имконини беради.

  Шунингдек, Юрий Недашковский таъкидладики, «Энергоатом» - ВВЭР-1000 туридаги реакторларнинг дунёдаги ягона оператори бўлиб, у иккита янги ядро ёқилғиси таъминотчисига эгадир.

  «Биз янги ядро ёқилғиси манбаларини диверсификация қилиш бўйича мураккаб ишни амалга оширдик ва бугунги кунда Украина АЭС лари 15 энергоблокидан 6 тасида Американинг Westinghouse компанияси ёқилғисидан фойдаланилади. Ҳозирги пайтда «Энергоатом» ва Westinghouse Украинанинг бошқа энергоблокларига ҳам ёқилғи етказиб беришни кенгайтириш бўйича иш олиб бормоқда. Иккита таъминотчининг борлиги «Энергоатом»га ядро ёқилғисининг ишончли тарзда етказиб берилишини кафолатлайди, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳақиқий рақобат эса ёқилғи тўпламлари сифати ва қийматига ижобий таъсир кўрсатади”, - деб таъкидлайди Ю.Недашковский.

  «Ўзатомнинг» бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов «Энергоатом» раҳбарига Ўзбекистон делегациясининг Хмельницк АЭС га танишув ташрифини ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон атом энергетикасини ривожлантириш соҳасида украиналик мутахассислар билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини қайд этди.

  «Бизнинг олдимизда Ўзбекистон атом электрстанциясини қуриш лойиҳасини сифатли тайёрлаш ва ташкил қилиш мақсадида атом электрстанцияларидан фойдаланиб келаётган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш масаласи турибди», - деб таъкидлайди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

  Шунингдек, у Ўзбекистон томонининг «Энергоатом» билан кадрларни тайёрлаш ва Украина лойиҳалаштириш ташкилотларининг атом энергетикаси соҳасида лойиҳалаштириш бўйича тажрибага эга мутахассисларини ҳамкорликка жалб қилишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

  Икки томонлама ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикаси АЭС учун кадрларни тайёрлаш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, «Энергопроект» Киев илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш-конструкторлик институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилди, ушбу ташкилот мутахассислари Ўзбекистон атом электрстанцияси учун майдон танлашда иштирок этмоқда.
«Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати