ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЖУРНАЛИСТЛАР НОВОВОРОНЕЖ АЭСИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЖУРНАЛИСТЛАР НОВОВОРОНЕЖ АЭСИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

27 - ноябрь 2018 / 16:28 434
ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЖУРНАЛИСТЛАР НОВОВОРОНЕЖ АЭСИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар Россия атом технологияларини ўрганиш мақсадида Нововоронеж атом электр станциясига (Россия) ташриф буюрди.

Маълумки, Ўзбекистонда Россия технологиялари асосида ВВЭР-1200 реакторли атом электр станциясини (АЭС) қуриш бўйича лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган. Нововоронеж АЭС-2 Ўзбекистон томонидан референт (ўхшаш) Россия технологияларига асосланган лойиҳа сифатида танланган.

2018 йил 19-22 ноябрь кунлари бўлиб ўтган пресс-турда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлилий мультимедияли марказининг суратга олиш гуруҳи аъзолари иштирок этди.  

Марказнинг бош продюсери Жаҳонгир Абдураҳмонов таъкидлаганидек, сафарнинг асосий мақсади – Нововоронеж атом электр станцияси  фаолияти билан танишув ва тинчликка мўлжалланган атомга бағишланган махсус репортажни яратишдан иборат эди. Бунинг сабаби шундаки, Ўзбекистон аҳолиси атом электр станцияси қандай ишлаши, унинг фаолияти қандай тамойилларга асослангани, шу жумладан, самарадорлиги ва хавфсизлиги масалаларига қизиқиш билан қарайди.

Нововоронеж  АЭС ва атомчилар шаҳрига сафар қилиш давомида журналистлар «3+» авлодига мансуб инновациявий энергоблокнинг асосий объектлари: машина зали, блок бошқарув пункти, сачратувчи ҳавза, марказий бошқарув сшитини бориб кўришди. Улар Нововоронеж  АЭС ўқув-машқ пунктига ташриф буюрди. Унинг негизида россиялик ва хорижий мутахассислар таълим олади ва малакасини оширади.

Нововоронеж  АЭС раҳбарлари ва мутахассислари, шаҳар ҳокимияти вакиллари билан учрашувлар уюштирилди.
 
Бундан ташқари, журналистлар шаҳар бўйича танишув экскурсиясини амалга оширди, Нововоронежнинг спорт муассасалари – муз аренаси ва кўп функцияли стадион, реконструкция қилинган совутувчи ҳавза қирғоғи, Первостроителей хиёбонини томоша қилди. Шаҳар инфратузилмасини, шу жумладан, табиий эманзордан ташкил топган шаҳар боғини экологик нуқтаи назардан баҳолади.
 
Учрашувлар давомида Нововоронеж  АЭС директори Владимир Поваров таъкидлаганидек, Ўзбекистон бугунги кунда ядроли давлатга айланиш, демак, энергетика ва саноатни ривожлантиришга йўналтирилган қудратли электрэнергия манбаига эга бўлиш  арафасида турибди.

«Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси – ядро энергиясидан фойдаланиш соҳасига энди дуч келаётгани йўқ. Тошкентда Ядро физикаси институти мавжуд бўлиб, унда ўз  тадқиқот реактори амал қилади. Нововоронеж атом станциясининг 50 йил давомида фаолият юритиши АЭС дан ижобий фойдаланиш тажрибасига яққол мисол бўла олади – ушбу давр ичида атом энергоблокларининг атроф-муҳитга салбий таъсири аниқланмаган” – деб таъкидлайди В.Поваров.

Россияга қилинган  сафар давомида ўзбекистонлик журналистлар, шунингдек, Москвадаги  “Русатом – Халқаро тармоқ” компаниясининг бош офисига ҳам ташриф буюрди, у ерда компания бошлиғи Александр Мертен билан интервью ташкил қилинди.

Бундан ташқари, Россия Федерацияси пойхатида суратга олиш гуруҳи аъзоларининг Миллий тадқиқот ядро университетида (МИФИ) таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашуви бўлиб ўтди. Пресс-тур иштирокчилари университет ректори Михаил Стрихановдан интервью олди.

Сафар якунлари бўйича олинган репортаж «Ўзбекистон 24» телеканали орқали намойиш қилиниши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил  19 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин томонидан  Ўзбекистонда россияча дизайн асосида  биринчи АЭС қуриш бўйича лойиҳани амалга оширишга тантанали старт берилди.

 «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати