Қирғизистон Энергетика вазири ва Қозоғистон вазир ўринбосари бошчилигидаги делегация Атом технологиялари ахборот марказига ташриф буюришди

16 - март 2023 / 14:55 562

15 март куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Энергетика вазирликларининг навбатдаги уч томонлама учрашуви доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Қирғиз Республикаси Энергетика вазири Таалайбек Ибраев, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Жандос Нурмаганбетовлар «Ўзатом» агентлигига ташриф буюришди.


Ташриф давомида раҳбарлар «Ўзатом» агентлиги ва Атом технологиялари ахборот маркази (АТАМ) фаолияти билан танишишди ҳамда уларга марказ бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Шунингдек, агентлик мутахассислари меҳмонларга аҳолига радиациявий хавфсизлик ва атом энергетикаси ҳақида тўғри тушунча бериш, мактаб ўқувчилари ҳамда талабалар ўртасида ядро фани ва технологияларини оммалаштириш, бундан ташқари, атом соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ҳақида атрофлича сўзлаб беришди.

Эслатиб ўтамиз, 15 март куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари Энергетика вазирликларининг навбатдаги уч томонлама учрашувида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳаси, электр энергетика ва сув ресурслари масалалари муҳокама этилди.

«Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати