"Халқаро ақлли таътил" лойиҳаси

29 - август 2022 / 16:59 469

"Ўзатом" агентлиги қошидаги Aтом технологиялари ахборот марказида (AТAМ) мактаб ўқувчилари билан учрашув ўтказилди. Учрашув давомида улар Россиянинг “Орлёнок” ҳамда “Солнышко” болалар учун дам олиш марказларида “Росатом мактаби” билан биргаликда халқаро ақлли таътилни қандай ўтказгани ҳақида сўзлаб беришди.

"Халқаро ақлли таътил"- бу "Росатом мактаби" лойиҳаси доирасида дунёнинг турли мамлакатларидан йиғиладиган болалар ва ўсмирларга бағишланган умумий ривожланиш ижодий дастури ҳисобланади. Бу йилги дастурда Россия, Беларусь, Арманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон каби малакатлардан келган 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар иштирок этишди. Республикамиздан эса жами 15 нафар болалардан иборат делегация тадбирга юборилди.

Икки ҳафта давомида “Солнышко” дам олиш масканидаги мактаб ўқувчилари ижодкорлик билан шуғулландилар, яъни улар виртуал шаҳар қуришни, турли жанрдаги мултфильмлар учун суперқаҳрамонларни яратишни ўрганишди. Бундан ташқари, илмий, техник ва иқтисодий муаммолар ечимини топишга бағишланган ўйинлар ҳамда квестларда иштирок этишди.

"Орлёнок" оромгоҳи иштирокчилари эса турли ижодий устахоналарда театр либосларини чизиш ва яратишнинг ҳар хил усулларини ўзлаштирдилар. Шунингдек, болалар ўзларининг ижодий қобилиятлари ва истеъдодларини мусиқа санъатида намойиш этишлари, куй-қўшиқлар ёза олишларини, кимдир рақсларни саҳналаштиришда ва кимдир ўзини костюмлар бўйича дизайнер сифатида исботлай олдилар.

Лагернинг энг эсда қоларли лаҳзаларидан бири барча болалар ва катталарни бирлаштирган "Одамлар. Денгиз ва кемалар" мусиқий спектаклининг саҳналаштирилиши бўлди. Айтганча, "Одамлар. Денгиз ва кемалар" мусиқий спектакли премьерасини онлайн кўриш мумкин.

Ушбу асар нафақат болаларнинг "Орлёнок" дам олиш масканида олган кўникмаларини, балки оромгоҳнинг асосий қадриятларини ташкил этувчи, яъни ҳар доим ҳамроҳ бўлган - дўстлик, севги, оила, орзу ва мўъжизага ишониш кераклигини ўзида акс эттиради.

"Ўзатом" агентлиги матбуот хизмати