“АЭС қурилиш майдончасининг хавфсизлигини баҳолаш ва Ўзбекистон Республикасида янги ядровий қурилмани жойлаштириш дастурини кўриб чиқиш” SEED миссиясига тайёргарлик кўриш бўйича миллий семинар-амалиёти ўз ишини бошлади

20 - июнь 2022 / 15:19 192

Жорий йилнинг 20 июнь куни мамлакатимизда Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги келишувга асосан “АЭС қурилиш майдончасининг хавфсизлигини баҳолаш ва Ўзбекистон Республикасида янги ядровий қурилмани жойлаштириш дастурини кўриб чиқиш” SEED миссиясига тайёргарлик кўриш бўйича миллий семинар-амалиёти ўз ишини бошлади.

Беш кун давом этадиган миллий семинар-амалиётида республикамизда ядро энергетика лойиҳаси ва унинг салохиятини ошириш, ядро технологиялар жойлашган майдонлар хавфсизлиги, ядровий технологияларни майдонга жойлаштиришнинг техник жиҳатлари ва уни баҳолаш, шунингдек жамоавий амалиётга тайёрлаш бўйича кўрсатмалар ва хавфсизлик ҳисоботи таҳлилини кўриб чиқишга тайёргарлик каби қатор амалий ва назарий тадбирлар ўрин эгаллаган.

Семинар – тренингда ушбу йўналишда катта тажрибага эга хорижий экспертлар томонидан Ўзбекистонда АЭС қуриш учун майдон танлаш ишларига жалб қилинган маҳаллий мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул вакилларига ядровий қурилмаларни жойлаштиришда халқаро норма ва қоидалар, уларнинг ўзига хос хусусиятлар тўғрисида тақдимотлар ҳамда амалий машғулотлар ўтказиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида: SEED – хавфсизлик стандартлари ва йўриқномаларига мувофиқ ядровий иншоотларнинг (АЭСлар, тадқиқот реакторлари, мукаммал реакторлар ва б.) ҳаётий циклининг турли босқичларида ХАЭАга аъзо давлатларга ёрдам бериш учун мўлжалланган кенг қамровли экспертлар хизматидир.
SEED модуллари ядровий лойиҳа ишлаб чиқишнинг қуйидаги босқичларини қамраб олади: майдон танлаш, майдон хавфсизлигини баҳолаш, ускуналар, тизим ва компонентларни лойиҳалаш, ички ва ташқи хавфларни ҳисобга олган ҳолда станция хавфсизлигини таъминлаш.

"Ўзатом" агентлиги матбуот хизмати