ХАЭАнинг бош директори билан учрашув бўлиб ўтди

21 - сентябрь 2021 / 19:42 498

ХАЭАнинг навбатдаги 65-чи сессияси доирасида Ўзбекистон делегацияси ХАЭА бош директори Рафаэль Мариано Гросси билан учрашди.

Учрашув давомида Р.Гросси айни вақтда бутун дунёда коронавирус пандемияси бўлишига қарамасдан 2021 йилда олиб борилган икки томонлама фаол ҳамкорликни юқори баҳолади. Ўзбекистонда ХАЭА мутахассислари иштирокида бугунги кунгача ташкиллаштирилиб келинаётган миллий семинар ва ишчи йиғилишлар бунга яққол далил бўла олади. 

Шу ўринда, Агентликнинг мутахассислари иштирокида Республиканинг ядровий инфратузилмасини баҳолаш миссияси мамлакатларда пандемия даврида агентлик томонидан ўтказилган биринчи муҳим тадбир бўлганлиги алоҳида қайд этиб ўтилди. 

Бош директор ХАЭА департаментларининг Ўзбекистон Республикасининг бошқа ташкилотлар билан яқиндан олиб бораётган фаолияти тўғрисида ахборотга эга эканлиги ҳақида гапириб ўтди.  

- "Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳар доим менинг диққат эътиборимда. Шу сабабли, агентлик бундан кейин ҳам Ўзбекистон Республикасини ядро инфратузилмасини ривожлантириш ва атом технологияларини жорий этишда ҳар доим ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди", - деди Р. Гросси.

Агентлик раҳбари Ўзбекистон Республикаси атом соҳасида инсон салоҳиятини ривожлантириш, айнан Ўзбекистонда ядро ва муҳандислик физикаси соҳасида янги ўқув йўналишларини ташкил қилиш, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларни ривожланган мамлакатларда ўзларининг билимлари ва малакаларини оширишларида кўрсатаётган кўмагини юқори баҳолади. 

Учрашувда Ўзбекистоннинг саратон касалликларини даволаш дастурини ривожлантириш борасида олиб борилаётган муваффақиятли ҳамкорлик ҳақида тўхталиб ўтилди. 

ИТБ (Ислом Тараққиёт Банки)нинг ресурслари томонидан молиялаштирилган замонавий ускуналар ХАЭА кўмаги асосида Республикага етказилди. Р.Гроссининг таъкидлашича, ХАЭА ва ИТБ ўртасидаги янги битим, 17 та мамлакатда аёлларнинг онкологик касалликларини даволаш ва ташхис қўйиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган. 

Шунингдек, Р. Гросси ИТБ Ўзбекистон Республикаси учун тиббиёт ускуналарини сотиб олиш ва техник салоҳиятини ўстириш бўйича лойиҳаларини амалга ошириш доирасида, 35 миллион доллар атрофида янги кредитни жалб қилиш таклифи билан мурожаат қилганини маълум қилди.