Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик физикаси институти” миллий тадқиқот ядро университети филиалига абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш жараёни давом этмоқда

21 - июль 2021 / 19:00 212
Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик физикаси институти” миллий тадқиқот ядро университети филиалига абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш жараёни давом этмоқда

Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш, ядро физикаси, ядровий технологиялар, иссиқлик физикаси, электроэнергетика соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ушбу соҳада таянч олий таълим муассасаси ҳисобланувчи Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик физикаси институти” миллий тадқиқот ядро университети филиалига абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш жараёни давом этмоқда. Ҳужжатлар ММФИ МТЯУ расмий веб-сайти орқали жорий йилнинг 24 июлигача қабул қилинади.

Жорий йилнинг 19 июлида “Ўзатом” агентлиги бош директори Ж.Мирзамаҳмудов бошчилигидаги ўзбекистонлик мутахассислар ва ММФИ МТЯУ бош университетининг биринчи проректори О.Нагорнов бошлигидаги россиялик мутахассисларнинг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда ММФИ МТЯУ Тошкент шаҳридаги филиалига қабул масалалари ва филиални ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”даги чора-тадбирларнинг амалга оширилиш ҳолати муҳокама қилинди.

Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ филиалга қабул имтиҳонларини жорий йилнинг 26, 28, 30 июль кунлари математика, физика ва рус тили фанларидан анъанавий ёзма шаклда ўтказишни таъминлашга келишиб олдилар.
Қабул имтиҳонларини барча карантин қоидаларига риоя этган ҳолда юқори ташкилий савияда ўтказиш мақсадида “Ўзатом” агентлиги раҳбарияти, ММФИ МТЯУ бош университети ва Тошкент шаҳридаги филиали раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари билан биргаликда қабул имтиҳонларини ўтказиш учун жорий йилнинг 19 июлидан бошлаб филиал биноси ҳудудида тайёргарлик кўрмоқдалар.

Имтиҳонлар тўлиқ россиялик профессор-ўқитувчилар томонидан ўтказилади. Синов натижалари ҳар бир имтиҳон ўтказилган куннинг эртасига эълон қилинади.
Ҳозирда кириш имтиҳонларини ўтказиш жойи сифатида бир нечта вариантлар кўриб чиқилмоқда, имтиҳонларни ўтказиш жойи бўйича якуний қарор бир неча кунларда абитуриентларга етказилади.
Тошкент шаҳридаги ММФИ МТЯУ филиали моддий-техника базаси бўйича республикадаги энг ривожланган олий таълим муассасаси ҳисобланади. Филиал биноси 2019 йилда барпо этилган бўлиб, 2019 йилда 16 млн рубллик, 2021 йилда эса 16,3 млн рубллик энг замонавий ўқув ва илмий лабораториялари билан жиҳозланган. Жорий йилнинг якунига қадар Филиални таҳминан яна 5 млрд сўмлик махсус лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш режалаштирилган. Бундан ташқари филиалнинг 4 та таълим йўналиши бўйича 4 та босқич талабаларига етарли 1 млн рубллик 6 200 дона ўқув адабиётлари харид қилинган ва Филиал кутубхонаси бойитилган.

Бугунги кунда филиалда жами 168 нафар талаба бакалавриатнинг биринчи ва иккинчи босқичида таҳсил олиб келмоқда. Таълим хизматлари талабалар учун давлат буюртмасига мувофиқ тўлиқ давлат гранти асосида россиялик ва ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар томонидан амалга оширилмоқда.

Филиал битирувчиларига ўқиш тамомланганидан сўнг бош муассасанинг белгиланган намунадаги дипломи берилади ва бу диплом Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади. Филиалнинг барча битирувчилари республиканинг энергетика тармоғида иш билан таъминланадилар.