Покистон атом энергетикаси ҳақида

30 - март 2021 / 13:40 628
Биз Покистон атом энергетикаси ҳақида сўзлаб бермоқчимиз, бунинг сабаби ҳам бор: 2020 йил 23 сентябрь куни Покистоннинг Панжоб провинциясида "Чашма" (бу станция шунингдек "Часнупп" деб ҳам аталади) атом электр станциясининг тўртинчи блокини якуний расмий қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Хитой миллий ядро корпорацияси томонидан қурилган ва тармоққа 2017 йилда киритилган энергоблок қуввати 315 МВтни ташкил қилади.

Ҳаммаси бўлиб станцияда тўртта энергоблок жойлашган. Барча блоклар сув-сувли турда. "Чашма" АЭСнинг умумий қуввати 1330 МВт ни ташкил этади. Чашма станциясининг биринчи энергоблоки 2000 йилда, иккинчиси - 2011 йилда, учинчиси эса 2016 йилда ишга туширилган.

Покистон ядро энергетикасининг тарихи 1971-йилда "Карачи" АЭС (бу станция "Канупп" деб ҳам аталади) ишга туширилиши билан бошланган. Унда қуввати 137 МВт бўлган CANDU туридаги оғир сувли реактордан фойдаланилган. Бугунги кунда станциянинг қуввати бироз камроқ - 90 МВт. Оғир сувдаги реакторларнинг ўзига хос хусусияти бу уларнинг табиий, бойитилмаган урандан фойдаланиш қобилиятидир.
Бугунги кунда "Карачи" АЭС майдончасида ҳар бири 1100 МВт қувватга эга бўлган иккинчи ва учинчи энергоблоклар қурилиши давом этмоқда. Энергоблокларда  Хитой атом олимларининг ишланмаси - HPR1000 реактор ўрнатмаси ишлайди. Блокларнинг саноатга фойдаланишга топшириш 2021 ва 2022-йилларга мўлжалланган.


@Uzatom_uz                  @Clearenergy