Ахборот марказига Россия Федерацияси Администрацияси ташрифи

28 - январь 2021 / 16:00 680

Бугун «Ўзатом» агентлигининг Атом технологиялари ахборот марказига мамлакатимизда ишчи ташриф доирасида меҳмон бўлиб турган Россия Федерацияси Президенти Администрацияси делегацияси ташриф буюриб, марказ фаолияти, бу ерда олиб борилаётган изланишлар, лойиҳалар ва мавжуд эскпонатлар билан яқиндан танишди.

Меҳмонларга марказдан ўрин олган ҳар бир лойиҳа хусусан, Ўзбекистон ҳудудида қурилиши кўзда тутилаётган АЭСнинг ишлаш принципи ва хавфсизлиги, энергетика соҳасидаги аҳамияти, унинг экологик тоза энергия экани ҳамда улкан иқтисодий самарадорлиги тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.


Россия Федерацияси Администрациясининг ташрифи

Делегация аъзолари марказнинг кинозалида ҳам бўлиб, турли ёшдаги мактаб ўқувчилар ва талабалар, ихлосмандлар учун мўлжалланган интреактив фильмлар ва интелектуал ўйинлар билан танишдилар ҳамда ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар. 

Улар Россия Федерациясининг тегишли муассассалари ва марказ ўртасида яқин ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ходимлар малакасини оширишни ташкил этиш ҳар икки томонлама манфаатларга бирдек жавоб беришини таъкидладилар. 

Хусусан Ўзбекистон учун атом соҳасини яратиш ва уни ривожлантириш учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасида Ҳукумат томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган тизимли ишларни муносиб эътироф этишди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида келишувларга кўра бугунги кунда кўплаб юртдошларимиз учун Москва муҳандислик физикаси институти Миллий тадқиқот ядро университетида (МТЯУ ММФИ) бакалавр, магистратура ва аспирантура йўналишларида таҳсил олиш учун барча имкониятлар яратилгани, юқори малакали мутахассислар тайёрлашга устувор эътибор қаратилаётгани шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2019 йил мамлакатимизда очилган МТЯУ ММФИ филиалида таҳсил олишни бошлаган талабаларимизга яратилаётган шароитлар ва уларнинг илмий салоҳиятини оширишга сафарбар қилинаётган имкониятлар таҳсинга сазоворлиги таъкидланди.  

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 15 майдан ўз фаолиятини юритиб келаётган Атом технологиялари ахборот марказининг ҳамда ундан жой олган экспонатларининг асосий мақсади атом энергетикасини ривожлантириш, аҳолини соҳага оид билимларини оширишга жалб қилиш, инновация технологиялари ва техникага оид таълимга қизиқиш уйғотиш, ядро технологиялари кенг ишлатиладиган соҳалар ва уларнинг истиқболлари билан яқиндан таништиришдан иборат.

Бугунги кунгача марказга ташриф буюрганлар мингдан ортиқ ўқувчи, талабалар ва соҳага қизиқиши юқори бўлган меҳмонларга кинозалда атом соҳасида амалга оширилаётган янгиликлар, инновацияларга оид фильмлар кўрсатилиши билан бир қаторда интреактив викториналар, виртуал экскурциялар ташкил этилиб келинмоқда.


Атом технологиялари ахборот маркази