Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш

20 - январь 2021 / 18:49 928

2020 йил инсоният тарихида энг синовли йиллардан бири бўлди. Бутун дунёда вужудга келган пандемия шароити бизнинг мамлакатимизда ҳам ўз таъсирини кўрсатиб, ҳалқимиз бардошини, чидамини имтиҳондан ўтказди. Бу офат қаршисида саросимага тушмаган давлат ва халқимиз яхлит бир куч сифатида бирлаша олди, инқирозли вазиятдан барқарор ўтишимиз учун барча зарурий шароитлар яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаларида ҳам айнан шу оғриқли нуқталар, уларнинг бартараф этиш борасидаги тажриба бот-бот тилга олинди ва барча юртдошларимиз томонидан илиқ кутиб олинди. 


Мурожаатномада давлатимиз равнақи, янада фаровон ҳаётга эришиш йўлидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Унда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида урғу берилди. Нутқда тилга олинган муҳим масалалар ниҳоятда кўламдор ва долзарб эканлигини ҳисобга олиб, аҳолининг барча қатламларига унинг мазмун-моҳиятини кенг  етказиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугун “Ўзатом” агентлигининг ходимлари учун “Янги Ўзбекистон - янгича дунёқараш” ғояси доирасида тарғибот тадбири ўтказилди. Унда Тошкент давлат транспорт университети докторанти Хуршидбек Абдуллаев мурожаатноманинг аҳамияти, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш бўйича янги вазифалар, қонун устиворлигини таъминлашнинг долзарб йўналишлари, иқтисодиётга бозор механизмларини кенг жорий этиш, ижтимоий соҳани ривожлантиришда белгиланган бирламчи вазифалар, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳасида белгилаб берилган йўналишлар тўғрисида атрофлича сўзлаб берди.


“Мурожаатномада кўзланган марраларга эришиш истиқболимиз ва халқимиз учун катта аҳамиятга эга. Бироқ уни самарали ҳужжатга айлантирадиган нарса – унинг амалий ижросини таъминлашдир. Бу барчамизни эълон қилинган таклиф ва ташаббусларни амалга оширишга қўшажак ҳиссамиз ҳақида жиддий ўйлаб кўришга ундайди. Чунки бу ташаббусларнинг амалий рўёби ҳар биримизга дохилдир” дейди Хуршидбек Абдуллаев. Дўстона руҳда ўтказилган ушбу тарғибот тадбирида Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бўйича тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан Мурожаатномадаги барча иқтисодий-ижтимоий масалаларни самарали ва ўз вақтида ташкил этиш юзасидан тушунтириш ва тавсиялар берилди. Савол-жавоб, очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир иштирокчилари  ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олдилар.