Жорий йилнинг 11 июлида айрим телеграм каналларида тарқалган "Ядро университети Тошкент филиали талабалари: “Ўқитиш сифати тушиб кетди, филиал раҳбарияти муаммоларга бефарқ” сарлавҳали хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

11 - июль 2021 / 21:27 351
Жорий йилнинг 11 июлида  айрим телеграм каналларида тарқалган "Ядро университети Тошкент филиали талабалари: “Ўқитиш сифати тушиб кетди, филиал раҳбарияти муаммоларга бефарқ” сарлавҳали хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. 
 
2019 йилда Тошкент шаҳрида фаолияти ташкил этилган “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети филиалида шу кунгача умумий ўқув режаси асосида 1- ва 2-босқичларда талабалар таҳсил олиб келмоқдалар. 

Барча йўналишдаги фанларни ўқитиш учун фан номзоди ва фан доктори даражасига эга бўлган юқори малакали профессор-ўқитувчилар танлов асосида саралаб ишга қабул қилинганлар. Университетда барча фанлар тасдиқланган режа асосида ўтиб келинмоқда. Ушбу иш режалари университетнинг расмий веб-сайтида очиқ эълон қилинган. Шу билан бирга, айрим умумтаълим ва мутахассислик фанларидан (материаллар қаршилиги, лойиҳалаштириш асослари ва машина деталлари, коррозиянинг назарий асослари ва металларни ҳимоялаш) Москвадаги бош университет профессор-ўқитувчилари томонидан ўқитиб келинмоқда. 

Талабаларнинг билимини баҳолаш ҳар семестрда нафақат Ўзбекистонлик, балки Россиялик педагоглар томонидан амалга оширилади.  
2021/2022 йилларда Филиалда "Турбомашиналар", "АЭСни автоматлаштириш", "Термодинамика ва иссиқлик етказиш асослари", "Ядро ёқилғиси цикли объектларини эксплуатация қилиш ва ундан чиқариш" каби фанларни ўқитиш режалаштирилмоқда.  
Бугунги кунда филиалда талабалар учун 12 та лаборатория фаолият юритмоқда. Ўқитиш тизимини янада фаоллаштириш ва назария-амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида "Ўзатом" агентлиги томонидан махсус ўкув-лаборатория учун замонавий асбоб-ускуналар сотиб олиш ишлари якунланмоқда. Филиалнинг ўқув биноси ичида ҳозирда таҳсил олаётган талабаларнинг бир вақтнинг ўзида барчасига хизмат кўрсатишга лойиқ ошхона буфети фаолият кўрсатиб келмоқда.

Талабалар ва ўқитувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида талабалар ва хорижий профессор-ўқитувчилар учун иккита 9 қаватли турар-жой бинолари қуриб битказилмоқда. Улар жорий йилнинг охиригача фойдаланишга топширилади. Уларнинг сиғими 500 нафар талаба ва 100 нафар ўқитувчилар учун мўлжалланган. Шунча сиғимли ошхона ва спорт мажмуаси ҳам қуриб битказилмоқда. Бу ишларнинг барчаси шахсан "Ўзатом" агентлиги Раҳбарияти қатъий назорати остида олиб борилмоқда. 


Агентлик бош директори Ж.Мирзамаҳмудов талабалар билан доимий равишда шахсан учрашиб, уларни қийнаётган муаммолар ва масалаларнинг амалий ечимлари бўйича аниқ чоралар кўриб келмоқда. Олиб борилаётган қурилиш ва ободончилик ишларини кўздан кечириб, уларни янги ўқув йилига қадар тезлаштириш бўйича аниқ тавсияларини бериб келмоқда. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ахборот каналида эълон қилинган маълумотлар фактларга асосланмаган ва муаллифнинг бир томонлама асоссиз фикри эканлигини маълум қиламиз. 
 
Талабалар ва ўқитувчиларга яратилган шароитлар билан қуйидаги ҳавола (https://t.me/uzatom_info/1211) орқали (https://t.me/uzatom_info/1237) танишишингиз (https://t.me/uzatom_info/1238) мумкин ёки холис маълумот олиш истагида бўлган журналист ва блогерларга (https://telegra.ph/MTYAU-MMFI-Toshkent-filiali-obektlari-07-11), абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига ушбу объектга алоҳида танишув саёҳатини амалга ошириш имкониятини яратиб беришга ҳамиша тайёр эканлигимизни маълум қиламиз.

"Ўзатом" агентлиги матбуот хизмати.