Магистратура йуналишида ўқишлар март ойида бошланади

18 - февраль 2021 / 17:00 795

Атом энергетикасини ривожлантириш бўйича халқаро тажриба ҳамда Халқаро атом энергияси агентлиги тавсияларини ҳисобга олган ҳолда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш миллий ядровий инфратузилманинг ғоят муҳим элементларидан бири ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 февралдаги “2019 - 2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 16 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ядро-энергетика дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарорлари ижросини таъминлаш “Ўзатом” агентлиги учун устувор вазифа этиб белгиланган. Агентлик томонидан ушбу йўналишларда қатор салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.


Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ҳамда Корея Республикасининг КЕРСО компанияси билан ҳамкорлик дастури доирасида КЕРСО Халқаро Атом энергетикаси олий мактабининг (KINGS) 2021-2023 ўқув йиллари магистратураси учун Грант эълон қилинган эди. 

Ушбу ҳамкорлик доирасида атом энергетикаси йўналиши бўйича кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида KINGS Университети томонидан 2 йиллик Магистратурага атом электростанцияси муҳандислиги ва энергетика сиёсати ва инжиниринг йўналишлари бўйича “Ўзатом” агентлигининг 3 нафар ходимларига ўқиш учун йўлланма берилди. 

Талабалар ўқишни март ойининг бошидан бошлайди. Уларга омадлар тилаб қоламиз.

"Ўзатом" агентлиги ахборот хизмати.